Рус сайёхи Андижонда бўлди

Россиялик кўзи ожиз сайёҳ Владимир Васкевич асосан автостоп бўйича ҳаракатланиб, 20 дан ортиқ мамлакатга саёҳат қилган. 

"Ассалому алайкум, Ўзбекистон! Мен Россиянинг Екатеринбург шаҳридан Владимирман. Мен - кўзи ожиз инсон 20 та мамлакатда бўлдим. Бугун мен Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридаман. Бу менинг биринчи йил саёҳат қилишим эмас, лекин Ўзбекистон мен саёҳат қилган шаҳарларнинг орасида энг чиройли ва энг меҳмондўст ўлкалардан биридир. Мен Андижон, Фарғона, Тошкент шаҳарларида бўлдим, бугун Бухородаман, эртага Самарқандга бораман. Мени ҳар куни жуда яхши инсонлар қарши олмоқда. Ўзбек паловининг 3-4 хилини татиб кўришга улгурдим, сизнинг мева ва ширинликларингиз ҳам жуда мазали экан. Энг асосийси, халқингиз - жуда яхши", - дейди сайёҳ. 

Владимир Васкевичнинг сўзларига кўра, у ҳар бир шаҳарда ногиронлиги бўлган, кўзи яхши кўрмайдиган ёки умуман ожиз кишилар учун тадбирлар ўтказади. Зеро ногиронлиги бўлишига қарамай, мустақил саёҳат қилувчи кишиларнинг борлигини билиши улар учун муҳим. 

"Мен доим ўзим саёҳат қиламан, асосан автостоп бўйича ҳаракат қиламан. Европа, Кариб ороллари, МДҲ ва бошқа кўплаб мамлакатларда бўлганман. Ҳар бир мамлакатда бизни яхши қабул қилишмоқда. Баъзан бизни хафа қилишларидан  қўрқамиз, лекин ҳозирча барча жойларда бизни бажонидил меҳмон қилишмоқда. Ўзбекистон ҳам шулар жумласидандир. Бу ерда ҳамма нарса жуда зўр, шу пайтгача ҳеч ҳам ўзим ёлғиз қолганим йўқ. Ўзбекистоннинг одамлари ажойиб, табиати ажойиб. Довонда, тоғларда бўлдим. Келгусида албатта яна бу ерга келаман, чунки бу ерда бор-йўғи етти кунга келганман, етти кунда етти шаҳарни айланаман. Бироқ Ўзбекистонга камида бир ойга келиш керак экан, чунки бу ерда ҳар бир уйда тўхтагинг, барча билан мулоқот қилгинг, шошмай палов егинг келади одам. Шунинг учун албатта яна бир бор Ўзбекистонга келаман. Сизлар ҳам Россияга боринг, сизларни у ерда қабул қилишга тайёрмиз. Сайёҳларингиз сонини кўпайтираверинг, чунки бунинг учун барча шароитлар бор. Мана айни дамда мен Бухородаман. Бу ернинг шарт-шароитлари жуда яхши, ажойиб тарихий шаҳар, унинг қадимий қисми жуда қизиқ ва энг асосийси, бу ерда бировнинг ёрдамисиз ҳаракатланиш осон экан. Йўллар текисланган, равон. Фақат ариқларни четлаб ўтишни кечроқ ўргандим, Андижонда бир неча марта йиқилиб ҳам тушдим. Бироқ ҳозир ҳаммаси яхши. Тошкентнинг кўчалари жуда кенг ва қулай экан. Адашиб қолсангиз, одамлар бажонидил ёрдам беради. Умуман олганда, ҳаммаси зўр! Мен бахтлиман!", - дейди россиялик сайёҳ. 
Добавлено: 7-05-2018, 09:55
0
158

Похожие публикации


Добавить комментарий


Наверх