Андижон шаҳрининг 2035 йилгача мўлжалланган бош режаси тақдим этилди

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили вилоятга ташрифи доирасида Андижон шаҳрининг Султон Жўра номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилаётган 7 қаватли 5 та уй-жой билан танишиб, бу ерни янги массивга айлантириш бўйича тавсиялар берган эди. Ушбу иншоотлар атрофи ободонлаштирилиб, ўриндиқлар ўрнатилди, болалар майдончалари, мини-маркет, кийим-кечак дўкони, новвойхона, автотураргоҳ барпо этилди. 
Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида ҳудудда яна 9 та, шаҳар бўйича жами 14 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Турар-жойларни жорий йил сентябрь ойида ўз эгаларига топшириш кўзда тутилган. Маҳалланинг шимолий қисмидаги ҳовлилар ўрнига ҳам кўп қаватли уйлар, 1000 ўринли мактаб, 280 ўринли боғча, меҳмонхона, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш режалаштирилган. 
Давлатимиз раҳбари жорий йилда қурилаётган 14 уйга қўшимча яна 5 та кўп қаватли уй барпо этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Шаҳарнинг Боғишамол даҳасида қурилиши режалаштирилган 2 сотихли турар-жой бинолари лойиҳаси билан танишиб, ўз тавсияларини билдирди.
Шу ерда Андижон шаҳрининг 2035 йилгача мўлжалланган бош режаси ва шаҳарда амалга ошириладиган бошқа ижтимоий-инфратузилма объектларини қуриш-реконструкция қилиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. 
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Андижон шаҳрида 422 минг аҳоли 15 минг гектар жойда истиқомат қилмоқда. Президентимизнинг ўтган йилги топшириғи асосида “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК томонидан шаҳарнинг янги бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда Андижон тумани ва қисман Олтинкўл тумани ҳудудидан 6 минг 300 гектар майдонни Андижон шаҳрига қўшиш кўзда тутилган. Президентимизга Андижон шаҳридаги Девонабой масжиди ҳамда Ю.Отабеков кўчасини капитал реконструкция қилиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. 
Мазкур кўчадан оқиб ўтувчи канал бўйи ободонлаштирилиб, атрофида одамлар дам оладиган сайлгоҳ барпо этилмоқда. Ҳозирги кунгача каналнинг 500 метр қисмидаги ишлар бажарилди, Мустақиллик байрамигача 3,5 километр қисми тўлиқ обод этилади. Шавкат Мирзиёев барча лойиҳаларни бажаришда сифат ва муддатга эътибор қаратиш, узоқ келажакни ҳисобга олиш кераклигини таъкидлади.
Добавлено: 11-06-2018, 11:22
0
156

Похожие публикации


Добавить комментарий


Наверх