Андижонда янги корхона иш бошлади

Андижонда инсулин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди Андижон туманидаги Хортум қишлоғида йилига 10 миллион флакон инсулин дори воситаси ишлаб чиқариш қувватига эга завод иш бошлади. 

Ҳудуди қарийб 1,5 гектар майдонни эгаллаган ушбу завод Марказий Осиёда ягона бўлиб, асосан қандли диабет касаллигини даволашда қўлланиладиган инсулин дори воситаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 

Қурилиш-монтаж ишлари “Gulf pharmaceutical industries” компанияси кўмагида “Server Servis Health” хусусий қурилиш-монтаж корхонаси қурувчилари томонидан бажарилди. Илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу замонавий заводда ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган. Корхона ҳудуди ва атрофида ҳам катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. 

– Мазкур завод банкимизнинг Андижон филиали молиявий кўмагида барпо этилди, – дейди “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки бошқаруви раиси Сардор Нормуҳамедов. – Қурилиш, хорижий технологияларни харид қилиш учун 14 миллиард сўм кредит ажратилди. Бу юртимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. 

Дарҳақиқат, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки томонидан 2017 йилда реал секторни кредитлашга 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Унинг 450 миллиард сўми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Ушбу сармоя ҳисобига амалга оширилган лойиҳалар доирасида 548 иш ўрни яратилган. 

Айни пайтга қадар инсулин дори воситаси юртимизга четдан келтирилади. Заводнинг ишга туширилиши билан ушбу дори воситаси импорти ҳажми камаяди, валюта тежалади, дорининг таннархи пасаяди. Яъни, хориждан 3-4 АҚШ доллари эвазига келтирилаётган инсулин энди корхона томонидан аҳолига 2,5 доллар қийматда етказиб берилади. 

Умумий лойиҳа қиймати қарийб 28 миллиард сўм бўлган ушбу заводга Германия, Франция, Швейцария, Хитой, Ҳиндистон давлатларидан замонавий ускуна ва технологиялар келтириб ўрнатилди. Инсулин дори воситасини сифатли, халқаро талаблар даражасида тайёрлаш бўйича зарур барча ишлар бажарилди. 

– Завод йилига 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди “Zamin Bio Health” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Авазбек Низомов. – Маҳсулотимизнинг 30 фоизи мамлакатимиз ички бозори талабини қоплайди, қолган қисми, яъни йилига 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. 

Завод ишга тушиши билан 100 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Уларнинг 20 дан ортиғи коллеж битирувчиларидир.
Добавлено: 7-05-2018, 09:49
0
174

Похожие публикации


Добавить комментарий


Наверх