Фахрийлар тақдирланмоқда

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда оғир кунларни бошидан кечирган улуғ инсонларга кўрсатилаётган эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Foto: uza.uz

Вилоятимизда ҳам 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилиб, эсдалик совғалари топширилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Андижон шаҳридаги Жомеъ мажмуасида бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қатнашди ва йиғилганларга меҳр-оқибат, инсонийлик, хайр-саховат ҳамда Хотира ва Қадрлаш кунини юксак савияда нишонлаш тўғрисида сўзлаб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 5000000 (беш миллион) сўм пул мукофотлари ҳамда эсдалик тилла соатларни топширди.

Шундан сўнг фаҳрийлар бир пиёла чой устида оловли дамларни эсладилар.
- Вилоятда 63 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 2 минг 674 та меҳнат фронти фахрийси истиқомат қилмоқда, – дейди «Нуроний» жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси Ўктамжон Охунов. – Президентимизнинг 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан эълон қилинган Фармони ва қарори ижросини таъминлаш юзасидан жойларда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

- Давлатимиз раҳбари томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилади, – дейди уруш ва меҳнат фахрийси Исоқжон ота Ибрагимов. – Уруш йилларининг қийинчиликларини эслаганимда, бугунги тинч-осойишта ва фаровон ўтаётган ҳар бир кунимиз учун шукроналар келтираман. Турли учрашувларда ёшларга ўтмиш хотираларим, ҳаёт тажрибам ҳақида сўзлаб, уларни бугунги дориломон кунларнинг қадрига етишга, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга чорлайман.
Добавлено: 7-05-2018, 10:01
0
210

Похожие публикации


Добавить комментарий


Наверх